Тошкент, Ўзбекистон — Суриянинг йирик иқтисодий ва саноат марказларидан бири ҳисобланган Ҳалаб шаҳрида Ўзбекистон–Сурия иқтисодий форуми ташкил этилди. Мазкур тадбирда Ўзбекистоннинг Кувайтдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Аюбхон Юнусов кўмагида икки мамлакатнинг 200 га яқин ишбилармон доиралари иштирок этди.
Ҳалаб шаҳри (Алеппо) тарихан Суриянинг муҳим савдо ва ҳунармандчилик марказларидан бири бўлиб, бугунги кунда мамлакат иқтисодиётини тиклаш жараёнларида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шу боис форум мазкур ҳудудда янги инвестиция ва савдо алоқаларини ривожлантириш учун муҳим майдон вазифасини ўтади.
Форумда сўзга чиққан Даврон Вахабов ҳамда Сурия Савдо палаталари федерацияси президенти Аъла Умар ал-Али Ўзбекистон ва Сурия ўртасидаги иқтисодий муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидладилар.
Мазкур форум жорий йил февраль ойида Сурия ишбилармон доиралари вакилларининг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифининг мантиқий давоми бўлди. Ўша ташриф доирасида дастлабки келишувларга эришилган бўлиб, Ҳалабдаги учрашувлар мазкур мулоқотларни амалий ҳамкорлик босқичига олиб чиқишга хизмат қилди.
Форум доирасида текстиль, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, фармацевтика, электротехника ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари соҳаларида ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон ва Сурия тадбиркорлари ўртасида B2B учрашувлар ташкил этилиб, қатор ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Учрашувларда маҳсулот экспортини кенгайтириш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича фикр алмашилди.
Томонлар мазкур форум Ўзбекистон ва Сурия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этдилар.
