in

Veolia Тошкентда иссиқ сув сифати ёмонлашганини изоҳлади

Тошкент, Ўзбекистон — Veolia Energy компанияси Тошкентда иссиқ сув сифати ёмонлашганини иситиш мавсуми бошланишига тайёргарлик ишлари билан изоҳлади.

Ноябрь ойи бошида пойтахт аҳолиси яна сувнинг лойқаланиб, жигарранг тусга киргани ва ундан ёқимсиз ҳид келаётгани ҳақида хабар бера бошлади.

Компания маълумотига кўра, айни пайтда мутахассислар магистрал тармоқларда сув айланишини созлаш ишларини олиб бормоқда. Босимнинг ўзгариши ва сув оқимларининг ишга туширилиши натижасида қувурлар деворларида ёз давомида тўпланган табиий чўкиндилар ювилиб чиқмоқда. Veolia Energy изоҳлашича, бу сув ранги вақтинча ўзгариши ва унда ёқимсиз ҳид пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда.

Муаммо, хусусан, Мирзо Улуғбек туманидаги айрим уйларга, жумладан, Қорасув, Феруза ва Яланғоч турар жой массивларига таъсир кўрсатган.

Компания маълум қилишича, бригадалар магистрал тармоқларнинг асосий тугунларида туриб қолган сувни қўлда чиқариб ташламоқда ҳамда тармоқларнинг айрим участкаларини ювмоқда. Veolia Energy таъкидлашича, сув таркибида меъёрдан ташқари бегона аралашмалар мавжуд эмас.

Истеъмолчиларга лойқа сувни мустақил равишда оқизиб юбормаслик ва ҳисоблагич кўрсаткичларини ўзгартиришга уринмаслик тавсия этилди. Бунинг ўрнига компаниянинг Telegram-боти орқали мурожаат юбориш, бунда аниқ манзил — туман, массив ва уй рақамини кўрсатиш зарур.

Ариза рўйхатга олинганидан сўнг мутахассислар жойига чиқиб, ташқи тармоқ тугунида тегишли қувур участкасини ювиши керак.

Veolia Energy компанияси вақтинчалик ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўради ва тизим ишини меъёрлаштириш бўйича чоралар кўрилаётганини маълум қилди.

Тошкент аҳолисидан иссиқ сув сифати бўйича шунга ўхшаш шикоятлар октябрь ойининг ўртасида ҳам келиб тушган эди. Ўшанда сувдан кимёвий моддалар ва керосин ҳиди келаётгани ҳақида хабар берилганди.

Issiqlikta’minoti компанияси сув сифатининг ўзгаришини қувурларни синовдан ўтказиш ҳамда уларда тўпланган занг, металлар ва минерал чўкиндиларни ювиб чиқариш ишлари билан изоҳлаган эди.