Тошкент, Ўзбекистон — Хитойнинг Gobi Partners компанияси вакили Чибо Танг Ўзбекистондаги BioPharma City фармацевтика кластери инвестициявий ва технологик имкониятлари билан танишди. Бу ҳақда Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги хабар берди.
23 сентябрь куни Чибо Танг ва Агентлик директори Абдулла Азизов ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув иштирокчиларига мамлакатда фармацевтика саноатида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестиция имкониятлари, шунингдек, фармацевтика ва биотехнология соҳаларида замонавий лойиҳаларни амалга ошириш учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда BioPharma City’ни ривожлантириш концепцияси, унинг илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси, шунингдек, халқаро компаниялар билан ҳамкорлик қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар, шунингдек, тадқиқот ва ишланмалар (R&D), биотехнология ҳамда клиник тадқиқотлар соҳаларида ҳамкорлик қилиш истиқболларини муҳокама қилди.
Бошқа йўналишлар қаторида хорижий инвестицияларни жалб этиш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
