in

Ўзбекистон ва Жанубий Корея косметика саноатини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон — 2026 йил 8 апрель куни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва Кореянинг “U&K GLOBAL NETWORK” ташкилоти вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Агентлик директори томонидан мамлакатимизда косметика саноатининг жорий ҳолати, унинг ривожланиш салоҳияти, шунингдек, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва яратилган имкониятлар юзасидан батафсил тақдимот ўтказилди.

Ўз навбатида, Корея томони Ўзбекистонни косметик маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кластер ташкил этиш учун истиқболли майдон сифатида баҳолаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, улар мамлакатда инвестиция киритиш имкониятлари ҳамда маҳаллий бозор конъюнктурасини янада чуқур ўрганишга қизиқиш билдирдилар.

Учрашув якунида томонлар косметика саноати соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасида ҳамкорликни янада кенгайтиришга ҳамда ушбу йўналишда фаол мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.