Тошкент, Ўзбекистон — 2026 йил 3 апрель куни «Ўзатом» агентлиги делегацияси Татаристон Республикасига амалий ташрифининг якуний кунида Алабуга ва Набережние Челни шаҳарларидаги саноат объектларида бўлди.
Дастурнинг биринчи манзили «Алабуга» саноат-ишлаб чиқариш туридаги махсус иқтисодий зона бўлди. Бу ерда делегация зона фаолиятининг ташкил этилиши, мавжуд саноат инфратузилмаси ҳамда «Росатом» давлат корпорациясининг атом электр станцияларини қуришда қўлланиладиган технологик жараёнлар учун ускуналар ва маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган бир қатор корхоналари билан танишди.
Корхоналар вакиллари йирик инфратузилма ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш доирасидаги ишлаб чиқариш имкониятлари, технологик ечимлар ва саноат кооперацияси истиқболлари тўғрисида маълумот берди.
Шундан сўнг делегация Набережние Челни шаҳрига ташриф буюриб, «РариТEК-Холдинг» АЖ фаолияти билан танишди. Ташриф давомида кенг кўламли саноат ва қурилиш лойиҳаларини амалга оширишда амалий аҳамият касб этиши мумкин бўлган махсус техника ва транспорт инфратузилмасини ишлатиш билан боғлиқ ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш ечимлари тақдим этилди.
Техникадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, транспорт харажатларини ва хизмат кўрсатишни оптималлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тақдим этилган ёндашувлар йирик энергетика объектлари, жумладан, АЭС қурилишига ҳамроҳ бўладиган айрим жараёнларни ташкил этишда уларни қўллаш имконияти нуқтайи назаридан қизиқиш уйғотди.
