Тошкент, Ўзбекистон — Афғонистон Савдо ва инвестиция палатаси раиси ўринбосари Алҳаж Зилгай Ариан Азимий бошчилигидаги делегациянинг Фарғона вилоятига ташрифи доирасида меҳмонлар Учкўприк туманида жойлашган «Бобошбек» ишлаб чиқариш ва савдо мажмуаси фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Делегация вакиллари мажмуадаги ишлаб чиқариш жараёнлари, савдо марказларини кўздан кечирдилар.
Мазкур мажмуа асосан тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш, савдо ва логистика йўналишларига ихтисослашган бўлиб, бу ерда ишлаб чиқариш цехлари, савдо дўконлари ва расталар самарали фаолият юритмоқда.
Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нафақат ички бозорга, балки қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинаётгани алоҳида таъкидланди.
Меҳмонларга мажмуанинг ишлаб чиқариш қувватлари, экспорт салоҳияти ва ҳамкорлик имкониятлари юзасидан маълумот берилди.
Шунингдек, ташриф доирасида делегация таркибидаги тадбиркорлар ҳамда маҳаллий ишбилармонлар иштирокида B2B форматида учрашувлар ташкил этилди. Музокаралар якунида умумий қиймати 67 миллион долларга тенг бўлган дастлабки ўзаро ҳамкорлик келишувлари имзоланди.
