Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 21 май куни Суриянинг Ҳалаб шаҳрида Ўзбекистон–Сурия Савдо уйи ва дистрибуция марказининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур Савдо уйи Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда “Ahmad Kalash Ltd” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов,
Ўзбекистоннинг Кувайтдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Аюбхон Юнусов ҳамда икки мамлакатнинг 100 дан ортиқ тадбиркорлари иштирок этди.
Мазкур марказ икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини Сурия бозорига олиб чиқиш ҳамда логистика ва дистрибуция жараёнларини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилди.
Ўзбекистондан Ҳалабга транспорт йўналишида 1 та контейнерни етказиш тахминан 10 кун давом этади ва нархи ўртача 2,5 минг АҚШ долларини ташкил этмоқда.
Марказ орқали “Made in Uzbekistan” бренди остидаги маҳсулотларни Сурия бозорида кенг тарғиб қилиш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни кучайтириш ва янги экспорт йўналишларини шакллантириш режалаштирилмоқда.
Томонлар мазкур ташаббус Ўзбекистон ва Сурия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини таъкидлади.
