Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 9 апрель куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акрам Алиев “TASHGEN B.V.” компанияси директори ва акциядори Беркин Имер билан учрашди.
Нидерландиянинг Амстердам шаҳрида рўйхатдан ўтган “TASHGEN B.V.” компанияси энергетика соҳасидаги инвестиция холдинги бўлиб, когенерация лойиҳалари ҳамда иссиқлик таъминоти инфратузилмасини ривожлантиришга ихтисослашган.
Музокаралар давомида томонлар инвестиция ва энергетика соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболларини муҳокама қилдилар. Қўшма лойиҳаларнинг самарадорлигини ошириш ва шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар Ўзбекистон энергетика секторининг барқарор ривожланиши учун замонавий энергия тежамкор ечимларни жорий этиш муҳимлигини қайд этдилар. Ўзаро алоқаларни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва илғор технологияларни татбиқ этишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
