in

Ўзбекистон ва AFD 2030 йилгача ҳамкорлик устуворликларини белгилади

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон ва Франция тараққиёт агентлиги (AFD) 2027–2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилади. Тегишли келишувларга 25 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон ҳукумати ва AFD ўртасидаги 7-йиллик маслаҳатлашувлар давомида эришилди.

Ўзбекистон томонига Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шоҳруҳ Ғуломов, Франция томонига эса AFDнинг Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва Осиё департаменти директори ўринбосари Виржини Блейтрах раҳбарлик қилди.

Маслаҳатлашувларда Стратегик ислоҳотлар агентлиги, икки мамлакат дипломатик ваколатхоналари ҳамда AFDнинг Ўзбекистондаги мамлакат офиси вакиллари ҳам иштирок этди.

Томонлар 2025 йил март ойида Ўзбекистон Президентининг Францияга давлат ташрифидан сўнг эришилган келишувларни аниқ мазмун билан тўлдириш ва икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Сўнгги 11 йил давомида AFD Ўзбекистонда умумий қиймати қарийб 1,6 миллиард евро бўлган 17 та лойиҳани маъқуллаган. Амалдаги портфель энергетика, сув таъминоти ва санитария, чорвачилик, рақамлаштириш ҳамда молия сектори соҳаларидаги умумий қиймати 1,29 миллиард евролик 13 та лойиҳани ўз ичига олади. Ўзлаштирилган маблағлар ҳажми қарийб 1 миллиард еврони ёки имзоланган келишувлар суммасининг 78 фоизини ташкил этади.

AFD гуруҳи доирасида хусусий секторни қўллаб-қувватлаш соҳасида Proparco, техник экспертиза йўналишида эса Expertise France билан ҳам ҳамкорлик ривожланмоқда. Европа Иттифоқи ва Франция ҳукумати иштирокида 55 миллион евродан ортиқ грант маблағлари жалб қилинган.

Ҳозирги босқичда томонлар амалдаги лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш, янги ташаббусларни тайёрлаш ва концепциялардан молиялаштириш босқичига ўтишни мақсад қилган. Айни пайтда умумий қиймати 604,2 миллион евро бўлган тўққизта лойиҳа тайёрланмоқда.

2027–2030 йиллар учун энергетикага ўтиш ва декарбонизация, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, шаҳарларни барқарор ривожлантириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат молиясини бошқаришни такомиллаштириш соҳалари устувор йўналишлар сифатида белгиланди.

Янги босқичнинг индикатив портфели умумий тахминий қиймати 1,125 миллиард евро бўлган 11 та лойиҳани ўз ичига олади. Унда энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, шаҳарларни ривожлантириш, ирригация ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, «яшил» иқтисодиёт ҳамда носуверен молиялаштиришни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар ўрин олган.

Йирик ташаббуслар қаторида Тошкент–Самарқанд темир йўл линиясини қайта тиклаш ва пойтахт жамоат транспортини ривожлантириш лойиҳалари бор.

Шунингдек, томонлар Қашқадарё вилоятида ичимлик суви таъминоти тизимларини модернизация қилиш, Қорақалпоғистонда «Суенли» каналини реконструкция қилиш, Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш ҳамда иссиқлик тармоқларини янгилаш бўйича лойиҳаларни тайёрлашни жадаллаштиришни режалаштирмоқда.

Эришилган келишувлар маслаҳатлашувлар протоколида мустаҳкамланиб, биргаликда мониторинг қилиш учун тақдим этилди. 8-йиллик маслаҳатлашувларни Францияда ўтказиш режалаштирилган.