in

Ўзбекистон ва Қатар иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон — Қатар Ташқи савдо ишлари бўйича давлат вазири Аҳмад бин Муҳаммад Ал-Саид бошчилигидаги делегация вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Қатар давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳошим, Қатар Савдо ва саноат вазирлиги Халқаро ҳамкорлик ва савдо келишувлари бўйича директори Саид Ал Брайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев, Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шохрух Гуламов ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.

Мулоқот давомида томонлар икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда ўзаро манфаатли шерикликни янги босқичга олиб чиқиш, йирик қўшма лойиҳаларни илгари суриш ҳамда янги ташаббусларни шакллантириш масалалари юзасидан муҳокамалар олиб борди.

Хусусан, томонлар қуйидаги асосий ҳамкорлик йўналишларига тўхталиб ўтди.

Стратегик ҳамкорлик йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инфратузилмавий йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш;

Давлат хусусий шериклик (ДХШ) механизмлари доирасида ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакатимизда ДХШ асосида амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳалари;

Хусусийлаштириш жараёнларида ҳамкорлик қилиш, иқтисодиётда хусусий сектор улушини янада ошириш.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтириш ҳамда янги ташаббусларни илгари суришга келишиб олди.