Тошкент, Ўзбекистон — Пекин шаҳрида Ўзбекистон–Хитой қишлоқ хўжалиги Қуйи қўмитасининг 6-йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон томонидан Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров бошчилигидаги делегация иштирок этди. Хитой томондан эса Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ишлари вазири ўринбосари Чжан Чжили ҳамда тегишли идоралар вакиллари қатнашди.
Учрашув давомида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан батафсил фикр алмашдилар. Хусусан, уруғчилик тизимини такомиллаштириш, юқори ҳосилдор ва иқлим шароитига мос навларни жорий этиш, селекция ва генетик тадқиқотларни чуқурлаштириш борасида келишувга эришилди. Шу билан бирга, ветеринария соҳасида касалликларнинг олдини олиш, янги вакциналарни яратиш бўйича тадқиқот ишларини олиб бориш, диагностика ва мониторинг тизимларини модернизация қилиш, замонавий лабораторияларни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш борасида ҳам дастлабки келишувга эришилди.
Ер деградациясига қарши курашиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва тиклаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари ҳам кун тартибидан муҳим ўрин олди. Томонлар ушбу йўналишда инновацион агротехнологиялар, жумладан, ресурс тежовчи усуллар, рақамли мониторинг ва агроэкологик ёндашувларни жорий этиш бўйича тажриба алмашишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Илмий-тадқиқот соҳасида эса қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илмий марказлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, аграр таълим тизимида тажриба алмашиш ҳамда мутахассислар малакасини ошириш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди. Айниқса, ёш мутахассисларни тайёрлаш, қисқа ва узоқ муддатли ўқув дастурларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот якунида томонлар юқорида қайд этилган йўналишлар бўйича амалий чораларни ўз ичига олган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришдилар.
