in

Ўзбекистон ва Хайнань савдо алоқаларини кенгайтиришга келишди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон ва Хитойнинг Хайнань провинцияси ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда қўшма савдо ва инвестиция лойиҳаларини ривожлантиришга келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Тошкентда «Хайнань эркин савдо порти — Тошкент билан савдо-иқтисодий алмашинув» мавзусида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Хитой Халқаро савдога кўмаклашиш кенгашининг Хайнань провинцияси қўмитаси томонидан ташкил этилди.

Унда икки мамлакат вазирлик ва идоралари вакиллари, тадбиркорлар, инвесторлар ҳамда юристлар иштирок этди. Улар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди.

Хитой делегациясига Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар, эркин иқтисодий зоналар ва технопарклар фаолияти ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, иштирокчиларга Тошкент халқаро молия маркази ва IT Park резидентлари имкониятлари тақдим этилди.

Хайнань вакиллари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, машинасозлик, янги энергетика ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирди.

Hainan NicePow Industry, Dehang ва Huali компаниялари ўзларининг инвестициявий ва ишбилармонлик таклифларини тақдим этди.

Форум иштирокчилари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, саноат кооперацияси, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда халқаро савдони ривожлантириш масалаларини ҳам кўриб чиқди. Тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Хитой Халқаро савдога кўмаклашиш кенгашининг Хайнань провинцияси қўмитаси ва Хайнань халқаро савдо палатаси ўзаро англашув меморандумини имзолади.

Ҳужжат икки томонлама ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ҳамда янги савдо ва инвестиция лойиҳаларини ривожлантиришга қаратилган.