in

Ўзбекистон ва Жаҳон банки янги иқтисодий ўсиш драйверларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 24 сентябрь куни мамлакат иқтисодий ўсишининг янги драйверларини излашга бағишланган миссия доирасида Жаҳон банки экспертлари билан учрашди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси хабар берди.

Учрашувда Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхассин, Европа ва Марказий Осиёдаги амалиётлар бўйича минтақавий директори Абебе Адугна, Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистон ва Туркманистон бўйича минтақавий раҳбари Нил Маккейн, шунингдек, бошқа масъул вакиллар иштирок этди.

Иштирокчилар Ўзбекистон иқтисодиётини ривожланишнинг янги босқичига ўтказиш истиқболлари ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини барқарор сақлаб қолиш вазифаларини муҳокама қилди. Янги ўсиш манбаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, хусусий сектор фаоллигини ошириш ва инвестицияларни рағбатлантириш масалаларини кўриб чиқди. Устувор вазифалар қаторида янги ва сифатли иш ўринлари яратилиши учун қулай шароитларни шакллантириш ҳам белгиланди.

Бундан ташқари, иштирокчилар иқтисодиёт тармоқларининг салоҳиятини ошириш ва тадбиркорлик муҳитини янада такомиллаштириш бўйича фикр алмашди. Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш ва мамлакатнинг глобал қиймат яратиш занжирларидаги иштирокини кенгайтириш чоралари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар иқтисодий ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида конструктив мулоқотни давом эттириш ва ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.

Шунингдек, Ўзбекистонда узоқ муддатли, барқарор ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш учун янги имкониятларни биргаликда ўрганиш режалаштирилмоқда.