Тошкент, Ўзбекистон — Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда қиймати 2 млрд доллар бўлган «ақлли шаҳар» лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Оҳангарон тумани ҳокимлиги ва Жанубий Кореянинг NCG GROUP компанияси инвестициявий ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади.
Ҳужжатда томонларнинг Smart City («Ақлли шаҳар») лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги ҳамкорлиги назарда тутилган. Лойиҳа концепцияси замонавий рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва автоматлаштирилган бошқарув тизимларини қўллашга асосланган.
Лойиҳа туман инфратузилмасини модернизация қилиш ва аҳоли учун замонавий яшаш муҳитини яратишга қаратилган. Унинг доирасида шаҳарсозлик ва инфратузилма соҳаларига илғор технологияларни жорий этиш, давлат ва коммунал хизматлар самарадорлигини ошириш, энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш режалаштирилган.
Шунингдек, сунъий интеллект ва рақамли ечимлар ёрдамида турли жараёнларни автоматлаштириш кўзда тутилган. Бу бошқарув сифатини яхшилаш ва аҳоли учун хизматлардан фойдаланишни янада қулайлаштириш имконини бериши кутилмоқда.
Лойиҳанинг алоҳида йўналишларидан бири туманнинг саноат ва ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтиришдан иборат. Хусусан, Жанубий Кореянинг йирик LG ва Samsung компаниялари иштирокида ишлаб чиқариш корхоналарини қуриш режалари маълум қилинди.
Лойиҳа ташаббускорларининг режасига кўра, янги ишлаб чиқариш корхоналари хорижий инвестициялар оқимини кўпайтириш, қўшимча ишлаб чиқариш қувватлари ва маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринларини яратиш имконини беради.
Ҳокимлик таъкидлашича, лойиҳа нафақат инфратузилмани янгилаш, балки туман иқтисодиётини, рақамли иқтисодиётни ва халқаро инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам қаратилган.
Имзоланган меморандум ҳамкорликнинг дастлабки босқичини белгилайди. Кейинги босқичларда томонлар лойиҳанинг техник, иқтисодий ва ташкилий параметрларини ишлаб чиқиш, шунингдек, уни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирларни белгилашни режалаштирмоқда.
