Тошкент, Ўзбекистон — Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) жаҳон шахмат чемпиони унвони учун ўтказиладиган ўйинни қабул қилиш бўйича аризаларни қабул қилиш бошланганини эълон қилди. Мазкур баҳс амалдаги чемпион — Ҳиндистон вакили Доммараджу Гукеш ҳамда Ўзбекистонлик даъвогар Жавоҳир Синдаров ўртасида бўлиб ўтади.
Ташкилот маълумотига кўра, ўйин дастлабки режага мувофиқ 2026 йил 23 ноябрдан 17 декабргача бўлган даврда ўтказилиши кўзда тутилган. Тадбирнинг умумий давомийлиги тахминан 25 кунни ташкил этади, якуний регламент эса 1 июлга қадар тасдиқланиши лозим.
FIDE шунингдек ўйинни ўтказиш бўйича асосий параметрларни очиқлади. Умумий бюджет 8,5 млн АҚШ долларига баҳоланмоқда, минимал мукофот жамғармаси эса 2,5 млн доллар этиб белгиланган. Ариза берувчилар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатларда тижорат, ҳомийлик ва телетрансляция ҳуқуқлари бўйича шартлар батафсил ёритилиши талаб этилади.
Ўйинни ўтказиш бўйича аризалар FIDE котибияти томонидан қабул қилинади. Улар учун сўнгги муддат 2026 йил 31 май этиб белгиланган, бироқ ташкилот бу муддатни узайтириш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
Доммараджу Гукеш амалдаги жаҳон чемпиони бўлиб, у 2024 йилда хитойлик гроссмейстер Дин Лижэнни мағлуб этиб, тарихдаги энг ёш чемпионга айланган. Жавоҳир Синдаров эса 2026 йилда даъвогарлар турнирида ғалаба қозониб, ушбу ўйинда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Кутилишича, ўйин вақтида ҳар икки шахматчи ҳам 20 ёшда бўлади, бу эса мазкур баҳсни жаҳон шахмат чемпионатлари тарихидаги энг ёшлар иштирок этган ўйинлардан бирига айлантириши мумкин.
Шу билан бирга, таъкидланишича, Гукеш чемпионлик унвонини қўлга киритгандан сўнг аввалги натижаларини намойиш этмаган: 2025 йилда у бирорта турнирда ғалаба қозонмаган ва бу тенденция 2026 йилда ҳам сақланиб қолмоқда.
Аввалги жаҳон шахмат тожи учун ўйин Гукеш ва Дин Лижэн ўртасида 2024 йил 25 ноябрдан 12 декабргача Сингапурда бўлиб ўтган. Ушбу баҳсни ўтказиш учун Ҳиндистоннинг Ченнай ва Нью-Дели шаҳарлари ҳам даъвогарлик қилган эди. Ўйин Resorts World Sentosa мажмуаси ҳудудида жойлашган Equarius Hotel меҳмонхонасида ўтказилган, бош ҳомий сифатида эса Google компанияси иштирок этган.
