Тошкент, Ўзбекистон — Кейинги, 47-Жаҳон шахмат Олимпиадаси 2028 йилда Бирлашган Араб Амирликларида, Абу-Даби шаҳрида ўтказилади.
Олимпиада байроғи 46-Шахмат Олимпиадасининг Самарқанддаги ёпилиш маросимида кейинги мусобақа ташкилотчиларига расман топширилди. Бу ҳақда Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) хабар берди.
Байроқни Ўзбекистон номидан Ўзбекистон Шахмат федерацияси биринчи вице-президенти Алишер Саъдуллаев топширди.
Байроқни Абу-Даби Шахмат клуби раиси ва 47-Шахмат Олимпиадаси турнир директори Ҳусайн Абдулла ал-Хурий ҳамда Абу-Даби Спорт кенгаши корпоратив коммуникациялар офиси директори, БААдаги Олимпиаданинг жойлаштириш ва сафарлар масалалари бўйича қўмита раҳбари Абдураҳим аз-Заруний қабул қилиб олди.
Байроқни топшириш маросими вақтида катта экранларда Абу-Дабининг манзаралари намойиш этилиб, маросим меҳмонларига навбатдаги Олимпиадани қабул қиладиган шаҳар таништирилди.
Маросимни якунлар экан, ФИДЕ президенти Тимур Турлов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга шахмат ва Олимпиадага кўрсатган салмоқли қўллаб-қувватлаши учун миннатдорлик билдирди.
У, шунингдек, Бош вазир Абдулла Арипов, ҳукуматлар, шахмат федерациялари ва ташкилий қўмиталарга мусобақанинг ўтказилишига қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.
Шундан сўнг Турлов 46-Шахмат Олимпиадаси якунланганини расман эълон қилди. Кеча Самарқанд осмонидаги мушакбозлик ва дронлар иштирокидаги ёруғлик шоу билан якунланди.
Маросим Самарқанддаги «Абадий шаҳар» амфитеатрида бўлиб ўтди ва унда 2000 дан ортиқ меҳмон иштирок этди. Тадбирда Олимпиаданинг асосий мукофотлари топширилди.
Очиқ турнирда Ўзбекистон терма жамоаси ғолиб бўлиб, олтин медаллар ва Гамильтон-Рассел кубогига эга чиқди.
Кумуш медални Ҳиндистон, бронза медални Германия қўлга киритди.
Аёллар турнирида биринчи ўринни Хитой терма жамоаси эгаллаб, Вера Менчик кубогини қўлга киритди. Иккинчи ўринни Қозоғистон, учинчи ўринни Ҳиндистон терма жамоаси эгаллади. Очиқ ва аёллар турнирларидаги умумий натижа бўйича энг яхши кўрсаткич учун бериладиган Гаприндашвили кубоги Ҳиндистонга насиб этди.
Шахсий мукофотлар орасида очиқ турнирнинг биринчи тахтасида олтин медални ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов қўлга киритди.
