Тошкент, Ўзбекистон — Вьетнамда 23 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида спорт курашлари бўйича Осиё чемпионати старт олди. Мусобақанинг грек-рим кураши дастуридаги биринчи кунида Ўзбекистон терма жамоаси тўртта медални қўлга киритди.
Ўзбекистонлик спортчилар мусобақа якунларига кўра икки олтин, бир кумуш ва бир бронза медалга сазовор бўлди.
67 килограммгача вазн тоифасида Айтжан Халмаханов ва 77 килограммгача бўлган тоифада Абдулло Алиев чемпионликни қўлга киритиб, олтин медал соҳибига айланди.
82 килограммгача вазн тоифасида Азимжон Соатуллаев кумуш медални қўлга киритди. 72 килограммгача бўлган тоифада эса Шаҳзод Қўчқоров бронза медалга эга чиқди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси 23 ёшгача бўлган полвонлар ўртасидаги қитъа чемпионатидаги иштирокини муваффақиятли бошлади.
