Тошкент, Ўзбекистон — АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатига борадиган ўзбекистонлик мухлислар учун FIFA PASS устувор рўйхатга ёзиш тизимидан фойдаланиш тартибини тушунтирди. Ушбу тизим чипта эгаларига визавий суҳбатни кутиш вақтларини қисқартириш имконини беради.
Дастурда иштирок этиш учун FIFAнинг расмий сайти орқали харид қилинган чиптага эга бўлиш талаб этилади. fifa.com/tickets сайтидаги шахсий кабинет орқали FIFA PASS дастурида иштирок этиш учун розилик шаклини юбориш лозим. Бунда исм ва паспорт рақами хорижга чиқиш паспорти маълумотлари билан тўлиқ мос келиши муҳим.
Шундан сўнг ариза берувчи АҚШ Давлат департаментининг расмий визавий порталида DS-160 онлайн анкетасини тўлдириши керак. Унда кўрсатилган паспорт маълумотлари FIFA профилидаги маълумотлар билан тўлиқ бир хил бўлиши шарт.
Виза тўлови амалга оширилиб, мусобақа чиптаси мавжудлиги тизим орқали тасдиқланганидан кейин ариза берувчи суҳбат учун устувор навбатга кириш имконига эга бўлади.
Элчихона таъкидлашича, ушбу енгиллаштирилган тартиб хавфсизлик бўйича стандарт талабларни бекор қилмайди. Чипта мавжудлиги визанинг кафолатли берилишини англатмайди — якуний қарор шахсий суҳбат жараёнида консуллик ходими томонидан қабул қилинади.
Ариза берувчиларга аниқ маълумот тақдим этиш ва суҳбат давомида бериладиган саволларга тайёр бўлиш тавсия этилди.
Футбол бўйича Жаҳон чемпионати 2026 Ўзбекистон учун тарихий воқеа бўлади. Миллий терма жамоа илк бор жаҳон чемпионатига йўлланма қўлга киритди ва бу ҳолат хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан мамлакат учун муҳим ютуқ сифатида эътироф этилди.
