in

Ўзбекистон ва Беларусь туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон ва Беларусь туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Жумладан, сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш, Тошкент ва Минск ўртасидаги авиақатновларни ривожлантириш, шунингдек, икки мамлакат туризм соҳаси вакиллари ўртасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси хабар берди.

Туризм қўмитаси раисининг ўринбосари Санжар Тожиевнинг Беларусь Ҳукумати ҳузуридаги Миллий туризм агентлиги директори Кирилл Машарский билан учрашуви 24–26 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтаётган Dushanbe International Tourism Expo (DITE 2026) халқаро туризм кўргазмаси доирасида ташкил этилди.

Томонлар Тошкент–Минск йўналишидаги авиақатновлардан янада самарали фойдаланиш, шунингдек, туризм идоралари, туроператорлар ва хусусий сектор вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш имкониятларини муҳокама қилди.

Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида маданий-маърифий, оилавий, тиббий ҳамда санаторий-курорт туризми белгиланди. Учрашув иштирокчилари, шунингдек, касаба уюшмалари орқали дам олиш, даволаниш ва реабилитацияни ташкил этиш, экотуризм соҳасида тажриба алмашиш ҳамда ахборот турларини ўтказиш масалаларини кўриб чиқди.

Учрашув якунлари бўйича Беларусь Миллий туризм агентлиги ва мамлакат туризм индустрияси вакиллари 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси — «Ипак йўлида туризм» (ТМТЯ–2026)да миллий стенд билан иштирок этишга таклиф қилинди.

Томонлар эришилган келишувлар бўйича ҳамкорликни давом эттириш ва туризм соҳасида қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканини тасдиқлади.