in

Баходир Аҳмедов Ўзбекистон футзал терма жамоаси бош мураббийи бўлди

Тошкент, Ўзбекистон — Баходир Аҳмедов Ўзбекистон футзал бўйича миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон футзал федерацияси хабар берди.

Унинг расмий таништирув маросими ва матбуот анжумани 9 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтади. Келишувга мувофиқ, Аҳмедов жамоани 2028 йилги Осиё кубоги якунлангунига қадар бошқариб боради.

Аҳмедов испаниялик мутахассис, Пульпис номи билан танилган Хосе Мария Пасос Мендеснинг ўрнини эгаллайди. У соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли терма жамоадаги фаолиятини якунлаган эди.

Пульпис 2026 йил октябрь ойида Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқуловга йўллаган мактубида жамоадан кетиши ҳақида маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, кутилмаганда юзага келган жиддий соғлиқ муаммолари уни шартномада белгиланган муддатдан олдин Ўзбекистонни тарк этишга мажбур қилган. Шифокорлар тавсиясига кўра, у профессионал спортдан вақтинча четлашиб, даволаниш курсини ўтайди.

Аҳмедов учун миллий терма жамоа билан ишлаш биринчи тажриба эмас. Унинг раҳбарлигида Ўзбекистон терма жамоаси Осиё кубогида икки марта бронза медалларини қўлга киритган. 2021 йилда Литвада ўтказилган футзал бўйича жаҳон чемпионатида эса жамоа гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтиб, 1/8 финалга қадар етиб борган.

Баходир Аҳмедов 1976 йил 9 сентябрда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида туғилган. У футболчилик фаолиятини Чирчиқнинг «Сплав», «Электрохимпром» ва «Солиқчи» клубларида бошлаган. Кейинчалик «Юнусобод», «Ардус» ва «Зарафшон қурилишчиси» жамоалари сафида мамлакат чемпиони бўлган. Мураббийлик фаолияти давомида «Максам-Чирчиқ»ни миллий чемпионат совриндорлари қаторига олиб чиққан, «Жиззах-Кентекс» билан эса Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган.

Айни пайтда терма жамоа FIFA халқаро тақвими доирасида Тошкентда ўқув-машғулот йиғини ўтказмоқда.

Тайёргарлик жараёнида жамоа Тожикистон терма жамоаси билан иккита ўртоқлик учрашувини ўтказади. Биринчи баҳс 8 ноябрь куни Миллий терма жамоалар маркази залида томошабинларсиз бўлиб ўтади. Иккинчи учрашув эса 10 ноябрь куни «Юнусобод» спорт мажмуасида соат 18:00 да бошланади. Томошабинлар учун кириш бепул.