in

Global Textile ва MACGA 35 миллион долларлик меморандум имзолади

Тошкент, Ўзбекистон — Global Textile тўқимачилик корхоналари гуруҳи ва Американинг Make American Cotton Great Again (MACGA) ташкилоти 35 миллион долларлик ўзаро англашув меморандумини имзолади.

Ҳужжат Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ва АҚШ иштирокидаги C5+1 форматидаги вазирлар учрашувига бағишланган тадбирлар доирасида имзоланди.

Учрашув доирасида Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Исломжон Мадаминов бошчилигидаги вилоят делегацияси Америка компаниялари ва ташкилотлари вакиллари билан музокаралар ўтказди.

Муҳокамаларда Make American Cotton Great Again, Honeywell International, Integrated Global Services (IGS), Air Products, Siguler Gulf, ITF Group ва Logan University вакиллари иштирок этди.

Музокараларга, шунингдек, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, «Кварц» АЖ ва Global Textile корхонаси раҳбарлари ҳам қўшилди.

Томонлар нефтни қайта ишлаш заводида янги технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш, саноат ускуналарини коррозиядан ҳимоя қилиш ҳамда шиша ишлаб чиқаришнинг энергия самарадорлигини ошириш имкониятларини кўриб чиқди.

Жумладан, табиий газ сарфини камайтириш мақсадида шиша эритиш печларида кислород-ёқилғи технологиясини (oxy-fuel) қўллаш масаласи муҳокама қилинди.

Тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Музокаралар давомида бир қатор йўналишлар бўйича келишувларга эришилди.

MACGA ва Global Textile ўртасида меморандумнинг имзоланиши Фарғона вилоятининг Америка ҳамкорлари билан ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни ривожлантиришга қаратилган учрашувларнинг аниқ натижаларидан бири бўлди.