in

Ўзбекистон аҳоли пунктларининг 99,5 фоизи мобил интернет билан қамраб олинди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистонда аҳоли пунктларининг мобил алоқа тармоқлари билан қамрови 99,5 фоизга етди. Халқаро автомобиль йўлларининг эса 95,5 фоизи мобил интернет билан таъминланган.

Бу ҳақда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг мақсадли кўрсаткичлари бажарилиши юзасидан парламент сўровига берган жавобида маълум қилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вазирнинг жавобини маълумот учун қабул қилди.

Вазирнинг маълумотларига кўра, 2026 йил бошидан буён мамлакатда 11 мингдан ортиқ мобил алоқа базавий станцияси ўрнатилди. Уларнинг умумий сони 110,5 мингтага етди.

Сўнгги йилларда магистрал тармоқларнинг ўтказувчанлик қуввати ҳам ошди. 2020 йилга нисбатан вилоятлар кесимида бу кўрсаткич 400 Гбит/с дан 600 Гбит/с гача, туманлар кесимида эса 40 Гбит/с дан 60 Гбит/с гача ўсди.

Ижтимоий объектларни юқори тезликдаги интернетга улаш ишлари давом этмоқда. Ҳозирги вақтда халқ таълими тизимидаги 10 657 та объект, 6 988 та мактабгача таълим ташкилоти, 5 786 та соғлиқни сақлаш объекти, 8 935 та маҳалла фуқаролар йиғини ва ички ишлар органларининг 5 250 та таянч пункти юқори тезликдаги маълумот узатиш тармоқлари билан қамраб олинган.

Оптик толали инфратузилма ҳам сезиларли даражада кенгайди. 2020 йилда оптик толали алоқа линияларининг умумий узунлиги 119,5 минг километрни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 397 минг километрга етди. Бундай тармоқлар мамлакат аҳоли пунктларининг 98,1 фоизини қамраб олган. 2026 йил охирига қадар ушбу кўрсаткични 98,2 фоизга етказиш режалаштирилган.

Вазирнинг маълумотларига кўра, Ўзбекистон мобил интернет тезлиги бўйича халқаро рейтингдаги ўрнини яхшилаб, 133-ўриндан 72-ўринга кўтарилди. Қатъий уланиш орқали тақдим этиладиган интернет тезлиги рейтингида эса мамлакат 112-ўриндан 73-ўринга кўтарилиб, Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллади.

Стратегиянинг яна бир мақсадли кўрсаткичи халқаро интернет тармоқларига уланишнинг ўтказувчанлик қувватига тааллуқли. 2020 йилда бу кўрсаткич 1 200 Гбит/с ни ташкил этган. Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ташқи интернет каналларини диверсификация қилиш натижасида унинг қуввати 4 400 Гбит/с га етди. 2026 йил охирига қадар ушбу кўрсаткични 4 500 Гбит/с гача ошириш режалаштирилган. 2030 йил учун мақсадли кўрсаткич эса 5 000 Гбит/с этиб белгиланган.

Муҳокама давомида депутатлар амалга оширилаётган ишларни холис баҳолаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегияси кўрсаткичларига ўз вақтида эришиш бўйича таклифлар билдирдилар. Йиғилиш якунида вазирнинг парламент сўровига берган жавоби маълумот учун қабул қилинди.