Тошкент, Ўзбекистон — 14 октябрь куни Остона шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га аъзо давлатлар вакиллари иштирокида минтақавий транспорт ҳамкорлигини ривожлантиришга оид ҳужжатларни келишишга бағишланган экспертлар учрашуви бўлиб ўтди.
Муҳокамаларнинг асосий мавзулари Остона декларацияси лойиҳаси ҳамда ИҲТнинг 2026–2035 йилларга мўлжалланган транспорт стратегияси бўлди.
Ушбу ҳужжатлар ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, транспорт боғлиқлигини ривожлантириш ва халқаро ташувлар самарадорлигини оширишга қаратилган.
Учрашув ИҲТга аъзо давлатлар транспорт вазирларининг 14-йиғилиши арафасида ташкил этилди.
Иштирокчилар минтақанинг транспорт-логистика тизимини ривожлантириш устувор йўналишлари, халқаро транспорт йўлакларини такомиллаштириш, шунингдек, инфратузилмавий ва маъмурий тўсиқларни бартараф этиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида товарларнинг янада эркин ҳаракатланиши учун шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
Стратегик ҳужжатларни келишиш транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг келгуси ўн йиллик учун асосий йўналишларини белгилашга хизмат қилади.
