in

«Самарқанд нони» товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказилди

Тошкент, Ўзбекистон — «Самарқанд нони» номи Ўзбекистонда товар белгиси сифатида ҳуқуқий муҳофазага олинди.

Аввалроқ, 2025 йил февраль ойида ушбу ном географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилган эди. Бу ҳақда мамлакат Адлия вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик тушунтиришича, товар белгисини рўйхатдан ўтказишдан мақсад анъанавий Самарқанд нонининг ўзига хос хусусиятларини сақлаб қолиш, ҳудуднинг гастрономик меросини ҳимоя қилиш ва маҳсулотнинг бозордаги мавқеини мустаҳкамлашдан иборат.

Ҳуқуқий муҳофазанинг икки шакли — географик кўрсаткич ва товар белгиси сифатида расмийлаштирилиши миллий брендларни ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Ўзбекистоннинг «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товарлар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, товар белгиси учун берилган гувоҳнома 10 йил давомида амал қилади.