in

Тошкентда октябрь ойида Golden Globes Silk Road Gala ўтказилади

Тошкент, Ўзбекистон — Тошкентда 2026 йил октябрь ойида Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси мамлакатларининг кино ва телевидение соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантиришга бағишланган «Golden Globes Silk Road Tribute Gala» халқаро тадбири ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазирлиги хабар берди.

Тадбирга тайёргарлик масалалари 24 сентябрь куни Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг Россиянинг LETO Production компанияси вакиллари билан учрашувида муҳокама қилинди.

Музокараларда халқаро йўналиш ва махсус халқаро лойиҳалар учун масъул Дарья Богданова ва Виктория Новиская иштирок этди.

Томонлар Тошкентда тадбирни ташкил этиш ва ўтказиш масалаларини кўриб чиқди.

Уларнинг баҳолашича, мазкур майдон Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларининг кино ва телевидение соҳасидаги ижодий ютуқларини халқаро миқёсда илгари суришга, шунингдек, индустрия вакиллари ўртасида профессионал алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилиши керак.

Киноиндустрия соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Маданият вазирлиги тадбирга тайёргарлик кўришда кўмаклашувчи томон сифатида иштирок этишни режалаштирмоқда. Ташкилий ишларнинг асосий қисми халқаро ташкилотчилар зиммасига юкланиши режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, ташкилий масалалар бўйича масъул муассаса сифатида Кинематография агентлигини белгилаш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.

Маданият вазирлигида таъкидланишича, «Golden Globes Silk Road Tribute Gala» тадбирининг Тошкентда ўтказилиши Ўзбекистоннинг маданий ва кинематографик салоҳиятини халқаро аудиторияга тақдим этиш, шунингдек, мамлакатнинг туристик имкониятларини тарғиб қилиш ва кино соҳасида янги халқаро ҳамкорликларни ривожлантириш имконини беради.