in

Ўзбекистон ва Туркия туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой билан учрашув ўтказди. Унда томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик, шунингдек, икки давлат раҳбарларининг туризмни ривожлантириш ва гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга қаратаётган эътибори қайд этилди.

Томонлар тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди. Хусусан, Ўзбекистонда туризмни бошқариш, туристик ҳудудларни ривожлантириш, меҳмонхона инфратузилмаси ва рақамли технологиялар соҳаларида Туркия тажрибасидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Икки мамлакат туроператорлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш ва B2B форматида ишбилармонлик учрашувларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.

Туристик инфратузилма соҳасида томонлар Ўзбекистон ҳудудларида туркиялик инвесторлар иштирокида замонавий меҳмонхона мажмуаларини қуриш, шунингдек, Туркиянинг халқаро меҳмонхона брендларини жалб этиш масалаларини муҳокама қилди.

Шунингдек, Turkish Airlines ва бошқа туркиялик авиакомпаниялар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жумладан, икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар географияси ва имкониятларини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилди.

Туризм соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш, илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва мастер-режалар ишлаб чиқиш мақсадида Каппадокия университети ҳамда Ўзбекистон Туризм қўмитаси ҳузуридаги «Туристик инфратузилмани ривожлантириш лойиҳа офиси» давлат муассасаси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди. Ташаббус Туркия томонидан қўллаб-қувватланди.

Томонлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Туркия бозорида тарғиб қилиш масалаларини муҳокама қилди.

Туркия Давлат телерадиокомпанияси TRT, Туркия Туризмни тарғиб қилиш ва ривожлантириш агентлиги (TGA) ҳамда Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, медиа ва пресс-турлар ташкил этиш, рақамли платформалар, блогерлар ва оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш таклиф этилди.

Таклифлар қаторида Туркияда сақланиб қолган «ўзбек карвонсаройлари»ни Ўзбекистоннинг туристик ва маданий марказларига айлантириш орқали мамлакатнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш ташаббуси ҳам бор.

Бундан ташқари, туркиялик аудитория учун қўшма медиа лойиҳаларини амалга ошириш, жумладан, зиёрат туризми, Имом Бухорий мероси ва Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини оммалаштириш, шунингдек, кино ва телевизион сериаллар орқали тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) билан туризм ва таълим соҳаларида қўшма лойиҳалар, жумладан, грант маблағларини жалб қилиш имконияти алоҳида кўриб чиқилди.

Томонлар, шунингдек, 2026 йил 25–27 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси — «Ипак йўлида туризм» доирасида ўтказиладиган тадбирларни муҳокама қилди.

Хусусан, ярмарка доирасида «Ўзбекистон–Туркия» туризм бўйича Қўшма комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш, Туркия туризм соҳаси вакилларини миллий стенд билан таклиф қилиш ҳамда Туркиянинг «Invest Forum» тадбирида ҳамкор давлат сифатида иштирокини таъминлаш таклиф этилди.

Қайд этилишича, илгари сурилган ташаббуслар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги туристик оқимларни кўпайтириш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, авиақатновларни ривожлантириш, шунингдек, туризм соҳасида тажриба ва инновацион ёндашувлар алмашинувини ривожлантиришга қаратилган.