in

Ўзбекистон МДҲ Туризм кенгашига раислик қилди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон делегацияси Туризм қўмитаси раисининг ўринбосари Санжар Таджиев бошчилигида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ давлатлари Туризм кенгаши йиғилишида иштирок этди.

Тадбирда Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг туризмни ривожлантириш учун масъул давлат органлари вакиллари, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси ҳамда МДҲга аъзо давлатлар Парламентлараро ассамблеяси Кенгаши Котибияти вакиллари иштирок этди.

Иштирокчилар туризм соҳасидаги тенденциялар ва истиқболли лойиҳаларни, МДҲга аъзо давлатларнинг 2021–2030 йилларга мўлжалланган туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш, туристик оқимларни статистик ҳисобга олиш ва прогнозлаш, кадрлар тайёрлаш ҳамда ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди.

Ўзаро туристик оқимлар бўйича статистик ва таҳлилий маълумотлар алмашинувига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар МДҲ мамлакатларининг ваколатли органлари ўртасида ахборот алмашинувини йўлга қўйиш ва миллий рақамли платформаларнинг ахборот ресурсларини интеграция қилиш имкониятини муҳокама қилди.

Йиғилиш доирасида Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университетининг МДҲга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги базавий ташкилоти сифатидаги фаолияти ҳам кўриб чиқилди.

Санжар Таджиев университетнинг жорий фаолияти, халқаро ҳамкорлиги, таълим ва илмий дастурлари, шунингдек, МДҲ давлатларининг соҳавий олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида маълумот берди.

Йиғилиш якунига кўра, ротация тамойилига мувофиқ, 2026–2027 йиллар учун МДҲ давлатлари Туризм кенгашига раислик Ўзбекистонга ўтди. Кенгаш раиси этиб Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов белгиланди.

Шунингдек, Кенгашнинг навбатдаги йиғилишини 2027 йилда Ўзбекистонда ўтказишга қарор қилинди.

Ўзбекистон раислиги даврида трансчегаравий туризмни ривожлантириш, туристик статистика ва таҳлилий маълумотлар алмашинувини такомиллаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш, таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда қўшма туристик йўналишларни яратишга эътибор қаратишни режалаштирмоқда.

Ушбу йўналишлардаги ишлар МДҲ давлатлари ўртасида туризм соҳасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва янги қўшма ташаббусларни илгари суришга хизмат қилиши кутилмоқда.