Тошкент, Ўзбекистон — Наманган ва Фарғона вилоятларида хорижда ишга жойлаштириш ҳамда Умра зиёратига боришни ташкил этиш ваъдаси билан боғлиқ фирибгарликнинг икки ҳолати аниқланди. Ҳар икки ҳолат бўйича жиноий ишлар қўзғатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Наманганда 22 ёшли шаҳарлик йигит Тўрақўрғон туманида яшовчи икки нафар фуқаронинг ишончига кириб, танишлари орқали уларни Хорватияда ишга жойлаштиришни ташкил этишни таклиф қилган. У ўз хизматлари учун 3600 доллар талаб қилган.
ДХХ ходимлари Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида эркак 1000 доллар миқдорида олдиндан тўловни олаётган вақтида қўлга олинди. Пул ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Яна бир ҳолат Фарғона вилоятида қайд этилди. Бувайда туманида яшовчи 57 ёшли фуқаро Умра зиёратини амалга ошириш учун сафарларни ташкил этиш ваколатига эга бўлмаган ҳолда, икки нафар маҳаллий аҳолидан уларни Саудия Арабистонига жўнатиш учун 2200 доллар олган.
ДХХ ва ички ишлар органлари ходимлари унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйди.
Ҳар икки ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноий ишлар қўзғатилди. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
