in

Ўзбек фермерлари Мисрда чўлларни ўзлаштириш тажрибасини ўрганди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон фермерлари ва тадбиркорлари делегацияси Миср Араб Республикасига ташриф доирасида Савдо-саноат палатаси раҳбарлигида Мисрнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги йирик компанияларидан бири — DALTEX фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси хабар берди.

Компаниянинг ўзига хос жиҳати чўл ҳудудларини қишлоқ хўжалиги ерларига самарали айлантириш бўйича тажрибасидир. DALTEX ерларни ўзлаштиришдан тортиб, маҳсулот етиштириш, сақлаш, саралаш, қадоқлаш ва экспорт қилишгача бўлган ягона ишлаб чиқариш занжирини шакллантирган.

Компания қарийб 22,7 минг гектар майдонда картошканинг 32 дан ортиқ тижорий навини етиштиради ва йилига 300 минг тоннадан зиёд маҳсулот ишлаб чиқаради. Цитрус меваларининг йиллик экспорти 50 минг тоннадан ошади.

Ташриф давомида ўзбек фермерлари сув тақчиллиги шароитида қишлоқ хўжалигини ташкил этиш бўйича компания ёндашувларига алоҳида эътибор қаратди.

Жумладан, дала экинларида Center Pivot айланма суғориш ва боғдорчиликда томчилатиб суғориш технологиялари, сувдан самарали фойдаланиш ва ҳосилдорликни ошириш усуллари ўрганилди.

Делегация аъзоларида маҳсулот сифатини сақлаш ва уни экспортга тайёрлаш жараёни ҳам катта қизиқиш уйғотди. Компания таркибида 7 та саралаш ва қадоқлаш маркази, шунингдек, маҳсулотларни сақлаш учун 5 та совуткич мажмуаси мавжуд.

Ташриф якунлари бўйича Миср тажрибасини Ўзбекистоннинг қуруқ ва чўл ҳудудларига мослаштириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида DALTEX билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.