in

Ўзбекистон экспорти етти ойда 17,1 млрд долларга етди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон экспорти 2026 йил январь–июль ойларида 17,1 млрд долларга етди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичнинг 132 фоизини ташкил этди. Етти ой давомида мамлакат маҳсулотлари 120 та давлатга экспорт қилинди ва ўзбек экспортчилари бешта янги бозорга кириб борди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.

Экспорт учун янги йўналишлар қаторига Судан, Зимбабве, Камбоджа, Гондурас ва Маврикий қўшилди.

Экспорт ўсишига асосий ҳиссани тўқимачилик ва мева-сабзавот маҳсулотлари, заргарлик буюмлари, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ҳамда электротехника маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмининг ошиши қўшди.

Шу билан бирга, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги тегишли тузилмалар билан ҳамкорликда маҳаллий экспортчиларни қўллаб-қувватлаш ва ўзбек маҳсулотларини хорижий бозорларда илгари суриш ишларини давом эттирмоқда.

Етти ой давомида Савдони рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1141 та тадбиркорлик субъектига молиявий кўмак кўрсатилди. Экспортолди молиялаштириши доирасида 113 та корхонага 136,5 млн доллар ажратилди. Бунинг натижасида 1,53 млрд долларлик маҳсулот етказиб бериш таъминланди.

Экспорт фаолияти давомида тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларни ҳал этиш ҳам ишнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Январь–июль ойларида экспорт штаблари бизнес вакилларининг 3044 та мурожаатини кўриб чиқди. Уларнинг 2547 таси ёки умумий мурожаатларнинг 84 фоизи ижобий ҳал этилди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги экспорт географиясини кенгайтириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар экспортини ошириш ҳамда бизнесни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттирмоқда.