Тошкент, Ўзбекистон — Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида йўл-патруль хизмати ходимлари тўхташ талабини бажармасдан қочишга уринган ва хизмат автомобилига бориб урилган Nexia-2 ҳайдовчисини ушлади. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ИИБ хабар берди.
Ҳодиса ЙПХ ходимларининг тунги навбатчилиги вақтида содир бўлган. Инспекторлар Nexia-2 ҳайдовчисидан тўхташни талаб қилган, бироқ у талабни бажармасдан ҳаракатини давом эттирган.
Кейинги чорраҳада бошқа ЙПХ ходими ҳам ҳайдовчига тўхташ ишорасини берган, аммо эркак яна унинг талабини инкор этиб, қочишга уринган.
Шундан сўнг патруль экипажи хизмат автомобили ёрдамида йўлни тўсган. Nexia-2 ҳайдовчиси ЙПХ автомобили билан тўқнашиб, ҳаракатини давом эттирган.
Кейинроқ йўл-патруль хизмати ходимлари эркакни тўхтатиб, ушлаган.
ИИБ томонидан эълон қилинган видеода ушланган шахс ҳужжатлари бўлмагани сабабли қўрқиб кетгани ва шунинг учун ҳаракатни қарама-қарши йўлак бўйлаб давом эттирганини айтган. У, шунингдек, ЙПХ ходимининг хизмат автомобилига урилгани ва ҳодиса жойидан яширинганини тан олган.
«Қилган ишимдан афсусдаман. Бошқа бундай ҳолат такрорланмайди. Қонун ҳамма нарсадан устун, жазо муқаррар», — деди эркак.
У бошқа ҳайдовчиларни ҳам бундай ҳаракатларни содир этмасликка чақирди.
