in

Москва ва Москва вилоятида мигрантларни ҳисобга олишнинг янги қоидалари жорий этилади

Тошкент, Ўзбекистон — 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Москва ёки Москва вилоятида визасиз асосда 90 кундан ортиқ муддат давомида ишлаш мақсадисиз бўлиб турган 18 ёшдан катта Ўзбекистон фуқаролари «Амина» иловасида рўйхатдан ўтиши талаб этилади.

Янги қоидалар, жумладан, талабалар ва меҳнат мигрантларининг вояга етган оила аъзоларига ҳам татбиқ этилади.

Миграция ҳисобига қўйилиш учун чет эл фуқароси иловада рўйхатдан ўтиши, шахсий маълумотларни қайта ишлаш ва геолокация ҳақидаги маълумотларни узатишга розилик бериши, шунингдек, Ички ишлар вазирлигига ҳақиқатда яшаб турган манзили ҳақида маълумот бериши керак бўлади.

Яшаш манзили ўзгарган тақдирда маълумотларни уч иш куни ичида янгилаш талаб этилади. Агар илова уч иш кунидан ортиқ вақт давомида геолокация ҳақидаги маълумотларни узатмаса, чет эл фуқароси миграция ҳисобидан чиқарилиши мумкин.

Россияда кейинчалик бўлиб туриш учун қонуний асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, чет эл фуқароси ҳақидаги маълумотлар назоратдаги шахслар реестрига киритилиши мумкин.

Ушбу талаб 18 ёшга тўлмаган чет эл фуқаролари, Беларусь фуқаролари, дипломатлар, консулликлар ва халқаро ташкилотлар ходимлари, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига нисбатан татбиқ этилмайди.