Тошкент, Ўзбекистон — Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида «Хавфсиз ва соғлом мамлакат» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ҳамда божхона органлари ходимлари синтетик гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига уринишнинг олдини олди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, Яқин Шарқ давлатларидан бирининг 1994 йилда туғилган фуқароси қўлга олинган. Тергов маълумотларига кўра, у дала ҳудудида махсус тайёрланган яширин жойдан 970 грамм мефедрон синтетик гиёҳванд моддасини олган. Эркак воқеа жойидан яширинишга уринган вақтда ушланган.
Кейинги тезкор тадбирлар доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари хорижлик фуқаро вақтинча яшаб турган Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги хонадонда тинтув ўтказди.
Тинтув жараёнида ашёвий далил сифатида иккита электрон тарози, термоизоляцион лента ва бошқа буюмлар мусодара қилинди.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
