Тошкент, Ўзбекистон — Мажлисда чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режимини жорий этиш ҳамда касбий кўникмаларга эга кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасида чет эл фуқароларига махсус солиқ режими жорий этилиши ва уларнинг солиқ резидентлари деб эътироф этилиши белгиланмоқда. Лойиҳада махсус солиқ режими доирасига кирувчи чет эл фуқаролари белгиланган миқдорда йиғим тўлаши, ваколатли банкда ҳисобварақ ёки крипто-биржада крипто-ҳамён очиши, шунингдек уларнинг вояга етган яқин қариндошларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарида олган даромадлари солиқдан озод қилинишига оид нормалар назарда тутилмоқда.
Лойиҳада саноат корхоналарида дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ходимлар учун ижтимоий солиқ икки баравар камайтирилиши белгиланмоқда.
Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши чет эл фуқароларини рағбатлантириш ҳамда уларга нисбатан махсус солиқ режимини қўллаш орқали мамлакатнинг инвестиция муҳитини янада яхшилаш, дуал таълимни амалиётга самарали жорий этиш, иқтисодиёт соҳаларида зарур билим, малака ва кўникмаларни олган кадрлар тайёрлашни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
