Тошкент, Ўзбекистон — Мажлисда “Фахрийлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан фахрийлар мақоми, тоифалари ҳамда бу соҳада масъул вазирлик ва идораларнинг ваколатлари белгиланмоқда. Шунингдек, фахрийларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси, имтиёз ҳамда кафолатлари мустаҳкамланмоқда.
Лойиҳага кўра, муайян бир соҳа, тармоқ ёки касбда узоқ йиллар мобайнида виждонан намунали меҳнат қилиш орқали давлат ҳамда жамият эътирофига сазовор бўлган жисмоний шахсларга фахрий мақоми берилади.
Мазкур мақомни олган фуқаролар ижтимоий жиҳатдан ҳимоя, солиқ ҳамда пенсия имтиёзларидан фойдаланиш каби бир қатор ҳуқуқларга эга бўлади.
Хусусан, санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларида бепул даволаниш, уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация тўловларини олиш, шаҳар транспортида бепул юриш, ҳаво ва темир йўл чипталарида чегирмалар, давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш каби бир қатор имтиёзларга эга бўлади.
Шунингдек, фахрийларнинг соғломлаштириш муассасаларида дори воситалари билан имтиёзли таъминланиши, маданият ва кўнгилочар муассасалар (спорт, театр, моддий маданий мерос объектлари) ҳамда музейларнинг пулли хизматларидан имтиёзли фойдаланиши белгиланмоқда.
Мажлисда депутатлар томонидан лойиҳа юзасидан айрим эътирозлар билдирилди. Ундаги айрим моддаларни қайта ишлаш ва маромига етказиш бўйича таклифлар илгари сурилди. Қонун лойиҳаси масъул қўмита томонидан такомиллаштириладиган бўлди.
