Тошкент, Ўзбекистон — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Италия Қишлоқ хўжалиги умумий конфедерацияси Миллий вице-президенти Лука Бронделли ди Бронделло билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида аграр соҳада икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, айниқса, малакали мутахассислар ва мавсумий ишчилар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотда бугунги глобаллашув шароитида қишлоқ хўжалигини малакали кадрлар билан таъминлаш энг долзарб вазифалардан бири экани таъкидланди. Шу билан бирга, аграр тармоқ эҳтиёжларига мос, замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар ёшлар учун ўқув дастурлари, амалиёт ва стажировка тизимларини кенгайтириш халқаро тажриба алмашинувини ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этди. Айниқса, Италия тажрибаси асосида замонавий агротехнологияларни ўрганиш ва амалиётга жорий этиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Учрашувда инсон капитали аграр тармоқлар ривожининг асосий омили экани алоҳида урғуланди. Шунингдек, илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтириш икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида эътироф этилди.
