Тошкент, Ўзбекистон — 2026 йил 18–19 май кунлари бўлиб ўтган Тошкент халқаро миграция форуми доирасида меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган муҳим учрашув ва музокаралар ташкил этилди.
Дастлаб, Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Султанбеков ва Миграция агентлиги Тошкент вилояти филиали раҳбари Юсуф Кабулжанов Беларус Республикаси вакили Валерий Жигунов билан ўзаро ҳамкорлик юзасидан учрашув ўтказдилар.
Музокаралар давомида меҳнат миграцияси соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, фуқароларни қонуний ва хавфсиз ишга жойлаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, хорижда муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, вилоятимиз вакиллари Россия Федерациясининг Ленинград вилояти вакили Юлия Косарева билан ҳам меҳнат миграцияси соҳасидаги истиқболли ҳамкорлик йўналишлари бўйича мулоқот олиб бордилар.
Томонлар меҳнат бозоридаги эҳтиёжлар, малакали кадрларни тайёрлаш, фуқароларни қонуний асосда ишга жойлаштириш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Шу билан бирга, хавфсиз ва тартибли меҳнат миграциясини ривожлантириш бўйича ўзаро тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашувлар якунлари бўйича меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор шартнома ва келишувлар имзоланди.
Мазкур келишувлар аҳоли бандлигини таъминлаш, хавфсиз ва тартибли меҳнат миграциясини ривожлантириш, фуқароларнинг хориждаги меҳнат фаолияти учун муносиб шарт-шароитлар яратиш ҳамда халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
