Тошкент, Ўзбекистон — 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев Покистон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Аҳмед Фаруқ билан учрашди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон–Покистон стратегик шериклигининг долзарб масалалари, жумладан, сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, транспорт, логистика ва минтақавий ўзаро боғлиқлик соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Афғонистон йўналишида ҳамкорлик қилиш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, шунингдек, йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини, хусусан, Трансафғон темир йўлини амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, мунтазам алоқаларни давом эттириш ҳамда минтақада барқарорлик, ишонч ва изчил ривожланишни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни биргаликда илгари суришдан ўзаро манфаатдор эканини тасдиқлади.
