Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон футболи тарихида илк марта профессионал ўйинда бошловчига ёрдамчи сифатида сунъий интеллект иштирок этди. 28 апрель куни Yandex Uzbekistan’нинг Алиса ассистенти Ўзбекистон Суперлигаси-2026 10-туридан ўрин олган «Андижон» – «Динамо Самарқанд» учрашувини Андижондаги «Бобур Арена» стадионида шарҳлашда иштирок этди.
Ўйин бошланишидан олдин Алиса профессионал бошловчига қўшилиб, ўзбек тилида томошабинларни қутлади, жамоалар таркибини таништирди ва трибуналардаги муҳит ҳақида маълумот берди. Танаффус пайтида таймерни ишга туширди, ўйин якунланганидан сўнг эса натижаларни сарҳисоб қилиб, «Андижон» ғолиб жамоани табриклади.
Алисани стадионда намоён бўлиши Yandex Uzbekistan ва Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ўртасида 2025 йил февралда эълон қилинган стратегик ҳамкорлик доирасида амалга оширилди. Ушбу ҳамкорликдан мақсад — мамлакатда футбол индустриясини ривожлантириш ва замонавий технологиялар асосида мухлислар учун янги имкониятлар яратишдан иборат.
Алиса “ақлли” колонкаларда 2025 йил сентябридан бошлаб ўзбек тилида сўзлаша бошлади. AI-ассистент Yandex Uzbekistan’нинг йирик тил модели асосида ишлайди. Ушбу модельни ўқитишда профессионал муҳаррирлар ва филологлар иштирок этган, синов жараёнида эса Ўзбекистоннинг 13 ҳудудидан 300 нафар фойдаланувчи жалб қилинган.
