Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни Фарғона вилоятига ишчи ташриф билан боради.
Икки кунга мўлжалланган ташриф доирасида вилоятнинг шаҳар ва туманларида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиш режалаштирилган.
Давлат раҳбари саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт соҳаси, туризм ва қатор бошқа йўналишларда амалга оширилаётган ташаббусларнинг ижроси билан танишади.
Жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, ташриф давомида Фарғона вилоятини янада ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб ва устувор вазифалари кўриб чиқиладиган йиғилиш ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
