in

Тошкент шаҳар ҳокимининг янги ўринбосарлари тайинланди

Тошкент, Ўзбекистон — Тошкент шаҳри ҳокимиятида кадрлар бўйича янги тайинловлар амалга оширилди. Даулетияр Худайбергенов пойтахт ҳокимининг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тасдиқланди, шунингдек Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Даулетияр Худайбергенов 1990 йилда Нукус шаҳрида туғилган. У Тошкент давлат юридик университетида таҳсил олган бўлиб, 2013 йилда бакалавриатни, 2015 йилда эса магистратурани тамомлаган. 2024 йилда Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт университетида қайта тайёрловдан ўтган, 2025 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси магистратурасини якунлаган.

Меҳнат фаолиятини 2014 йилда бошлаган ва шу вақт мобайнида бир қатор масъул лавозимларда ишлаган. Президент Администрациясида ишлаган даврида халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш, уларни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш, юқори ликвидли ва монопол товарлар муомаласи жараёнларига бозор инструментларини жорий этиш, шунингдек саноатнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва қурилиш ҳамда коммунал соҳаларни ислоҳ қилишга қаратилган ташаббусларда иштирок этган. Тайинловга қадар Президент Администрациясининг Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил департаменти бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Яна бир қарорга кўра, Алишер Дусмухамедов Тошкент шаҳри ҳокимининг ахборот технологияларини жорий этиш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди ва бир вақтнинг ўзида Рақамли ривожланиш департаментига раҳбарлик қилади.

Алишер Дусмухамедов 1981 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У 2002 йилда Тошкент электротехника алоқа институтини, 2006 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2013 йилда Стратегик таҳлил ва прогнозлаш олий мактабини, 2021 йилда эса Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2003 йилда бошлаган ва турли масъул лавозимларда ишлаган. 2023 йил март ойидан буён Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг ахборот-коммуникация технологиялари ва киберхавфсизликни таъминлаш бошқармасига раҳбарлик қилиб келаётган эди.