in

Ўзбекистон IFAD билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси – IFAD'нинг мамлакатимизда бўлиб турган делегацияси аъзолари билан учрашди.

Унда мамлакатимиз аграр соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестициявий муҳит ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашув давомида “Агробизнес учун самарали ечимлар: юқори даромад, инвестиция ва барқарорлик” лойиҳасига оид муҳим масалалар кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, мазкур лойиҳа мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий ёндашувлар ва илғор тажрибаларни жорий этишда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.

Таъкидланишича, миссия томонидан тайёрланадиган лойиҳа ҳисоботи Жамғарманинг директорлар кенгашига кўриб чиқиш учун тақдим этилади. Бу эса келгусида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, фермер ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, агробизнесда барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

Мазкур мулоқот қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб этиш ва агробизнесни янги босқичга олиб чиқиш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.