in

Ўзбекистон ва Bayer фармацевтика соҳасига инвестицияларни муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон — 2026 йил 14 апрель куни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда “Bayer” компанияси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Мазкур учрашувдан кўзланган асосий мақсад фармацевтика соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, инвестиция имкониятларини кўриб чиқиш ҳамда илғор хорижий тажрибани ўрганишдан иборат бўлди.

Учрашув давомида Агентлик директори томонидан фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, фармацевтика кластерларини ташкил этиш ва ривожлантириш, ишлаб чиқариш инфратузилмасини модернизация қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, кластер тизими доирасида илмий-тадқиқот муассасалари, ишлаб чиқарувчи корхоналар ва таълим муассасалари ўртасидаги интеграция, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Музокаралар жараёнида интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашув якунида “Bayer” компанияси вакиллари мамлакатимизда фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, яратилган қулай инвестиция муҳити ҳамда кластер ёндашувига асосланган ривожланиш моделини юқори баҳолаб, ҳамкорликни янада ривожлантиришга қизиқиш билдирдилар.