Тошкент, Ўзбекистон — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТТД) ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамкорлигида “Қўшма кредитлаш механизми орқали инновацион декарбонизация ечимларини илгари суриш ҳамда Ўзбекистонда давлат бинолари ва жамоат транспортининг декарбонизация салоҳиятини намойиш этиш” номли қўшма лойиҳанинг якуний семинари бўлиб ўтди.
Япония ҳукумати томонидан молиялаштирилган ушбу ташаббус декарбонизация бўйича амалий ечимларни синовдан ўтказиш, фактларга асосланган иқлим сиёсатини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг барқарор келажакка ўтишини қўллаб-қувватлашга хизмат қилди.
Тадбирда лойиҳа ижрочилари ва манфаатдор томонлар, жумладан, Сирдарё вилояти ҳокими, маҳаллий мактаб ва мактабгача таълим муассасалари вакиллари иштирок этиб, натижалар ва ўрганилган сабоқларни, айниқса энергия самарадорлиги бўйича пилот ташаббусларни муҳокама қилдилар.
Бешта пилот ташаббус Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ва Сирдарё вилоятининг қишлоқ ҳудудларида амалга оширилмоқда. Уларнинг доирасида мактаб, болалар боғчалари ва поликлиника каби давлат муассасаларига саккизта пропан асосидаги иссиқлик насослари ва ўттиз саккизта кондиционер ўрнатилди.
Ушбу модернизация эскирган электр ва кўмир асосида ишловчи иситиш тизимларини алмаштириб, кўмир истеъмолини 115 тоннага камайтиришга ва иссиқхона газлари чиқиндиларини йилига 482,3 тоннага қисқартиришга ёрдам берди.
Илғор япон технологияларига асосланган иссиқлик насослари ҳар бир бирлик электр энергиясига 3-4 баравар кўп иссиқлик ишлаб чиқаради, бу эса энергия харажатларини камайтиради ва 13 500 дан ортиқ фойдаланувчи учун қулайликни оширади.
Ташаббус болалар учун қулай шароит яратишни мақсад қилган бўлиб, янгиланган тизимлар таълим муассасаларида соғлом ва хавфсиз муҳитни мустаҳкамлайди. Шунингдек, лойиҳа доирасида Тошкентдаги Шота Руставели кўчасида ҳаво сифатини мониторинг қилиш станцияси ишга туширилиб, ҳудуддаги 120 000 нафардан ортиқ аҳолига фойда келтирмоқда.
“Бу ютуқлар шунчаки техник ечимлар эмас: улар янада пухта ва онгли сиёсий қарорлар қабул қилиш учун мустаҳкам асос яратади. Сирдарё ушбу декарбонизация ечимларини амалда жорий этиб, синовдан ўтказиб ва ўз самарасини намойиш этган пилот ҳудуд сифатида фахрланади. Биз янада тоза ва барқарор йўлни давом эттиришга тайёрмиз”- Азизбек Турдимуродов, Сирдарё туман ҳокими.
Семинарда, шунингдек, халқаро тажрибалар асосида ишлаб чиқилган ва танланган энергетика йўналишларида синовдан ўтказилган Ўзбекистоннинг янги “Қазилма ёқилғи субсидиялари инвентаризацияси миллий методологияси” тақдим этилди.
қтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (СEРР) экспертлари методологиянинг консептуал асослари, маълумотлар архитектураси ҳамда мониторинг, ҳисобот ва верификация (МРВ) жараёнлари ҳақида маълумот бериб, унинг миллий статистика ва иқлим ҳисоботлари тизимида муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.
Тадбир иштирокчилари потенциал қазилма ёқилғи субсидиялари ислоҳоти билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий ва секторга оид заифликларни баҳолаш бўйича инновацион таҳлил натижаларини кўриб чиқдилар.
Таҳлил сезгир соҳалар ва аҳолининг ҳимояга муҳтож гуруҳларини аниқлади, хавф даражаси бўйича хулосалар берди ва ислоҳотларни Ўзбекистоннинг иқлим мажбуриятлари ҳамда узоқ муддатли паст углеродли ривожланиш стратегияси билан уйғунлаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқди.
Семинар амалий мулоқот билан якунланди. Иштирокчилар Сирдарё вилоятидаги пилот ҳудудларда сезиларли натижа кўрсатаётган энергия тежамкор иситиш ва совитиш тизимларини кенгайтириш ҳамда Тошкент шаҳрида ҳаво сифати ва иссиқхона газлари мониторинги тармоқларини ривожлантириш зарурлигини таъкидладилар.
Ушбу саъй‑ҳаракатлар мақсадли техник ечимларнинг соғлом муҳит яратиш ва ёшлар учун янги имкониятлар очишга қандай ҳисса қўшишини яққол намойиш этади.
“Инклюзивлик ва маҳаллий аҳолининг фаол иштироки ишларимизнинг марказида бўлди. Ушбу лойиҳа маҳаллий ҳамжамиятлар ҳамда ҳудудий ҳокимият органлари давлат молиялаштириш механизмлари кўмагида жамоат биноларида энергия самарадорлигини ошириш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришда нақадар муҳим роль ўйнашини яққол кўрсатди” – БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакиласи Акико Фужии.
