in

Афғонистон делегацияси Қўқон эркин иқтисодий зонасининг саноат салоҳияти билан таништирилди

Тошкент, Ўзбекистон — Фарғона вилоятига ташриф буюрган Афғонистон делегацияси «Қўқон» эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган йирик саноат корхоналари билан танишди.

Дастлаб меҳмонларга “BNBM Building Materials Central Asia” корхонасида замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш жараёнлари кўрсатиб ўтилди.

30 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция асосида ташкил этилган мазкур корхонада йилига 30 миллион квадрат метр гипсокартон ҳамда 4 миллион квадрат метр декоратив гипсокартон маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Шундан сўнг делегация “Ёнг Хин” МЧЖ ХКда амалга оширилган йирик лойиҳа билан танишди. Хитойлик инвестор томонидан киритилган 90 миллион долларлик инвестиция ҳисобига кафель маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, меҳмонларга корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари ва экспорт салоҳияти ҳақида маълумот берилди.

Делегация аъзолари “MOLLIS” МЧЖ фаолияти билан ҳам танишиб, бу ерда эркаклар, аёллар ва болалар учун мўлжалланган трикотаж маҳсулотлари замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётганига гувоҳ бўлдилар.

Шунингдек, “Great Kokand” МЧЖда қадоқлаш ва текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнлари кўздан кечирилди.

Делегация аъзолари танишган ушбу лойиҳалар ҳудудда янги иш ўринлари яратиш, импорт ўрнини босиш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этаётгани маълум қилинди.

Ташриф давомида делегация аъзолари эркин иқтисодий зонада яратилган шарт-шароитлар, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ва инвесторлар учун тақдим этилаётган имкониятларни юқори баҳоладилар.